1

Тема: Никоҳ ёшига амал қилиш — мустаҳкам оиланннг муҳим омили

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг аҳоли репродуктив саломатлигини яхшилаш борасида олиб бораётган ишларига доир йиллик ҳисобот-тақдимот маълумотларига кўра, ривожланаётган мамлакатларда ҳар йили 18 ёшга тўлмаган 7,3 миллион қиз она бўлмоқда. Шундан 2 миллионини 15 ёшгача бўлган ўсмир қизлар ташкил этмоқда. Улар эрта ҳомиладорликдан, энг ачинарлиси, туғруқ жараёнига боғлиқ жуда оғир тиббий ва ижтимоий оқибатлардан қаттиқ азият чекишмоқда. Ана шу боис хотин-қизлар саломатлигини асраш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш халқаро миқёсдаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Никоҳ ёшига амал қилиш — мустаҳкам оиланннг муҳим омили

Бул маселе боюнча тасма үчүн:

2

Re: Никоҳ ёшига амал қилиш — мустаҳкам оиланннг муҳим омили

Бизнинг мамлакатимизда оила ва никоҳ муносабатлари жорий қонунлар билан тартибга солинади. Чунончи, Оила кодексимизга мувофиқ, юртимизда никоҳ ёши эркаклар учун 18, аёллар учун 17 ёш қилиб белгиланган. Аниқроғи, никоҳланувчилар ушбу ёшга тўлган бўлишлари шарт қилиб қўйилган. Бу талабларга риоя қилмай турмуш қуриш эса ғайриқонуний саналади ва никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келади. Ўз навбатида, шахсий ва мулкий ҳуқуқий жиҳатдан хунук оқибатларни келтириб чиқаради.

3

Re: Никоҳ ёшига амал қилиш — мустаҳкам оиланннг муҳим омили

Албатта, бундай нохушликларга йўл қўймаслик мақсадида барча шаҳар-қишлоқларимиз аҳолиси ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Хусусан, адлия идоралари ташаббуси билан тиббиёт ходимлари, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида очиқ мулоқотлар, суҳбатлар, учрашувлар ўтказилаяпти. Бироқ, шунга қарамай, айрим ҳолларда ҳали рўзғор тутишни билмайдиган ёш қизларни эрга бериш ёки бирор касб-корни эгалламаган, оила ва фарзанд тарбияси ҳақида етарли тасаввурга эга бўлмаган йигитларни уйлантириш ҳоллари учраб турибди. Қарабсизки, ҳали мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган бу ёш келин-куёвлар оддий турмуш қийинчиликларига дош беролмай, ночор аҳволга тушиб қолмоқдалар. Баъзилари арзимаган баҳоналар туфайли ажрашиб кетмоқдалар. Тўлиқ вояга етмаган баъзи қизлар эса фарзандини дунёга келтиришда қийналмоқдалар.

4

Re: Никоҳ ёшига амал қилиш — мустаҳкам оиланннг муҳим омили

Шунга кўра, бундай ҳолатларнинг олдини олиш, никоҳ институтини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2013 йил 30 апрелда амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш эса энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қатъий белгилаб қўйилди.

5

Re: Никоҳ ёшига амал қилиш — мустаҳкам оиланннг муҳим омили

Бундан ташқари, Жиноят кодекси 1251-модда билан тўлдирилди. Унга биноан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ жазоси билан жазоланади. Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлар эса, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ жазосига маҳкум этиладилар.

6

Re: Никоҳ ёшига амал қилиш — мустаҳкам оиланннг муҳим омили

Бинобарин, биз оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз соғлом, жисмонан ва ақлан бенуқсон бўлиши учун никоҳ ёшига қатъий амал қилишимиз, оила ва никоҳ институтига ҳурмат билан қарашимиз, бу барчамизнинг бахт-саодатимиз кафолати эканлигини унутмаслигимиз лозим.